2026-08-05 22:02 @shshermatov telegram

Бугун тарихий воқеа рўй берди: Марказий Осиё шаҳарлари орасида илк бор Самарқанд номи космосга кўтарилди

Telegram postini ochish

Бугун тарихий воқеа рўй берди: Марказий Осиё шаҳарлари орасида илк бор Самарқанд номи космосга кўтарилди Олти аср аввал Мирзо Улуғбек Самарқандни илм-фан ва астрономиянинг йирик марказига айлантирган эди. Бугун эса шу заминдан илҳом олган янги авлод Президентимизнинг қўллаб-қувватлашлари билан космос сари яна бир тарихий қадам ташламоқда. “Samarkand-2028” — Марказий Осиё шаҳри номи билан аталган тарихдаги илк сунъий йўлдош ва Ўзбекистоннинг энг йирик халқаро космик лойиҳасидир. “Samarkand-2028” сунъий йўлдоши “O‘zbekkosmos” агентлиги иштирокида яратилди ва 2026 йил 5 август куни Хитойнинг Хайянг космодромидан муваффақиятли учирилди. Илк бор ўзбекистонлик мутахассислар яратган сунъий интеллект модули “Samarkand-2028” бортига ўрнатилди. У маълумотларни орбитадаёқ қайта ишлаб, Ерга энг муҳим натижаларни узатади. Бу эса маълумотларни тезроқ олиш ва таҳлил самарадорлигини ошириш имконини беради. “Samarkand-2028” қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари, атроф-муҳит мониторинги, табиий офатларни барвақт аниқлаш ва шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилади. Бу ном бежиз танланмаган. Самарқанд 2028 йилги Халқаро астронавтика конгрессига мезбонлик ҳуқуқини қўлга киритди. Бу нуфузли космик анжуман илк бор Марказий Осиёда ўтказилишини англатади. “Samarkand-2028”нинг муваффақиятли парвози Ўзбекистоннинг илм-фан, инновациялар ва халқаро ҳамкорликда янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатади. Бу мамлакатимизнинг жаҳон космик ҳамжамиятида муносиб ўрин сари муҳим қадамдир. #IAC2028 #UzSpace #Samarkand #Mustaqillik35 #Uzb35 #Independence35